суббота, 31 марта 2012 г.

Hammasi Vatan aa yana Vatan haqida!
















 ТОПИШ
Соғинчлардан ҳайдалди юрак,
Севинчлардан қувилди дилим.
Аросатда сарсон вужудим,
Бир паноҳ истади ўзига керак.

Ойнинг гуллари-да асрашолмади,
Қуёшлар тафтида қолди, сарғарди.
Армонлари минг турфа дилни,
Бешафқат тақдири ҳануз қарғарди.

Ёзнинг қучоғига яширинди сўнг,
(Телбавор кўнгилни тушунар балки?)
Машрабнинг мероси - девонавор ишқ,
Ҳамон мени дардида ёндирар эди.

Ёндирди...
Вужудим, руҳим аланга -
Оташида қоврилди, куйди.
Сўнг Қодири Якто кўнглимга:
«Сен ҳам суйгин, у сени суйди» -
Дея Ватанимни кўрсатиб қўйди.


ҚАРШИМНИ СОҒИНИБ...
Минг парча руҳимнинг мингта бўлаги
Сендадир, қучоғингда қолиб кетган.
Ўша руҳиятнинг битта бўлаги -
Дардсиз кўчаларда адашган, йитган.

Осмонингни соғиндим-эй, осмонингни,
Дардларимни бу осмонлар тушунмайди.
Маҳзунгина бўлиб турган мажнунтоли
Ҳеч мен билан кулиб туриб сирлашмайди.

Қаршимнинг қуёши қадрдон эди,
Туш пайти ўйнардик анҳорларида.
Оймомоси тўлиб эртак айтарди,
Ўша беш қаватли бино тагида.

Соғиндим-эй, она, унинг йўлларини,
Сувсиз қолган кичиккина чўлларини.
Шамолгина келтирсайди бўйларини,
Билармикин соғинган бу ўйларимни?

Билармикин, она, менинг дардларимни,
Кузатмоққа чоғланганди, биласизми?
Югуролмай ортгинамдан, ночоргина
Сўраганди маҳзунгина: «Келасизми?»

Тушларимга кириб чиқар мусичалар,
Сирлашардик шамол билан бирга-бирга.
Менга алёр айтар эди ёмғирлари,
Бу ёмғирлар қайрилиб ҳам қарамайди.

Япроқ бўлиб тўкилмайди соғинчларим,
Гуллайверар менинг интиқ оғочларим.





ТУҒЁН
Ватан – юрагимда улғайган эртак,
Қизғанаман уни қалбдаги сирдай.
Шу эртак аслида рўёдан кечиб –
Яшамоғим учун бўлолган тиргак.

Шу эртак ҳар оқшом оромим бўлиб,
Кўнгил сарҳадини аллалар сокин.
Шу эртак гоҳ отам, бобомдек кулиб –
Қайғулардан олиб кетади секин.

Гоҳо саҳарларда тонг насимида
Кўз очгим келмаса ширин уйқудан.
Шу эртак онамдек туриб бошимда –
Сокин шивирлайди: «Сени кутяпман».

Тоғларга чиқаман улуғлик истаб
Самога тиз чўкиб қиламан тоат.
Тўлқиндек урилар кўнглимга бир ҳис –
Сени севмасдан ҳам бўлурми яшаб?

Август, 2010 йил.







Комментариев нет:

Отправить комментарий